Қашқадарёда 13 ёшли меҳрибонлик уйи тарбияланувчисини зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйган эркакка жиноят иши қўзғатилган
Мазкур жиноят иши 7 апрел куни жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида кўриб чиқилади
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида эркак 13 ёшли меҳрибонлик уйи тарбияланувчисини зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйгани ҳақида хабар тарқалди. Олий суд матбуот хизмати мазкур жиноят иши туман судида кўриб чиқилишини маълум қилди.

Унга кўра, Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисми ва 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми «а» бандида назарда тутилаётган жиноятларни содир этганликда айбланаётган К.Т. (1971 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида 7 апрел куни бошланади.
Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши маълум қилинади.
Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади.
Аввалроқ
Хоразмда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан бир неча бор жинсий алоқа қилган вилоят адлия бошқармаси ҳамда Янгиариқ тумани фавқулотда вазиятлар бўлими раҳбарлари Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилганди.
Олий суд мазкур ҳолатга муносабат билдираркан, тарафларга апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят қилиши, прокурор протест келтириши мумкинлиги тушунтирилгани, ҳозирги кунга қадар Олий судга кассация тартибида протест ёки шикоят келиб тушмагани ҳақида маълум қилди.
Шунингдек, Бош прокуратура томонидан Хоразм вилоятидаги ҳолат билан боғлиқ жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳукми ва аппеляция инстанциясининг ажримлари қонунийлиги ўрганилган.
29 март куни судланган Ойбек Машарипов ва Анвар Курязовга енгил жазо тайинлангани ва бошқа ҳолатлар юзасидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган. Олий суд эса ушбу протест жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида 2023 йилнинг 6 апрел куни Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши қўшимча қилинди.