15:38 | 10.04.23 282

Финляндия НАТОга аъзо бўлганидан кейин Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари «чегара ҳимояси»ни кучайтирди

Финляндия Шимолий Атлантика алянсига қўшилганидан сўнг Россиянинг алянс мамлакатлари билан чегаралари узунлиги икки баравар ортган

Россия ҳарбийлари Финляндия НАТОга қўшилгандан сўнг шимоли-ғарбий чегаралари ҳимоясини кучайтирди, дейди Ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа кучлари қўмондони, Россия Аэрокосмик кучлари бош қўмондони ўринбосари Андрей Демин «Красная звезда» нашрига берган интервюсида.

Фото: Sputnik

«5 апрел куни Финляндия НАТО блокига қўшилди. Швеция алянсга киришга тайёрланмоқда. Бундай шароитда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмидаги давлат чегарасини таҳдидлар даражаси ошган ҳолда ҳимоя қилиш масалаларини ишлаб чиқмоқда», — деди Демин «чегара мудофааси» қандай қилиб ишлаётганига аниқлик киритмаган ҳолда.

Бундан ташқари, 2022 йилда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари биринчи маҳаллий ишлаб чиқарилган «РЛК-МЦ» разведка ва қарши чора-тадбирлар тактик дронларини олди, дея хабар берди Демин. Унинг сўзларига кўра, бу мажмуалар, жумладан, мини ва микро-дронларга қарши курашиш учун мўлжалланган ва аллақачон «муҳим ҳарбий ва ҳукумат объектлари», жумладан, Украинадаги жанговар зонани қамраб олиш учун фойдаланилмоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, 4 апрел куни Финляндия НАТОга аъзо бўлганди. Мамлакат 2022 йил февралида Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб киришидан кўп ўтмай, Шимолий Атлантика алянсига қўшилиш учун ариза берди. Бунгача Финляндия нейтрал мақомдан воз кечишни режалаштирмаган эди.
  • Финляндия НАТОга қўшилганидан сўнг Россиянинг алянс мамлакатлари билан қуруқликдаги чегараларининг умумий узунлиги икки баравар кўпайиб, 2500 километрдан ошди.
  • Финляндия билан биргаликда Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Бу давлат Туркиянинг қаршилиги туфайли ҳали алянсга аъзо бўлгани йўқ: Анқара Стокҳолмни курд радикалларига қарши етарлича курашмаётганликда айблайди.