16:14 | 10.04.23 1177

Кармин моддаси қўшилган йогурт маҳсулотлари ҳаромми? Фатво маркази жавоб берди

Фатво марказига кўра, кармин моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз, лекин айрим аҳли илмлар мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этган

Аctivist муаллифи блогер Ҳожиакбар Носиров ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига савдо дўконларида сотилаётган кармин моддаси қўшилган (E120) йогурт маҳсулотларининг ҳаммаси ҳаром эканлиги боис уларни истеъмол қилмаслик ҳақидаги фикрларини акс эттирувчи видеолавҳа жойлаганди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ушбу ҳолатга муносабат билдирди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Кармин — қизил рангли бўёқ моддаси бўлиб, Е120 рақами остида озиқ-овқат қўшимчалари сифатида фойдаланилади. Ушбу модда ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил ҳашаротидан олинади. Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш қатъий ман қилинган. Лекин ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан, кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва усуллардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламоларимиз томонидан айтилган», дейилади хабарда.

Шунингдек, бу борада Иордания фатво ҳайъатининг 3240-сонли фатвоси ҳам келтириб ўтилган.

Унга кўра, ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида «истиҳола», яъни бир модданинг бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб, бошқа нарсага айланади.

Бу масалада ҳанафий мазҳабининг машҳур алломаси Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ «Фатҳул-Қодийр» китобида бундай деган:

«Шариат (бирор нарсани) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади. Бунинг шаръий масаладаги мисоли: узум суви пок саналади. (Вақт ўтиши билан) хамр (маст қилувчи ичимлик)га айланиб, нажосат бўлади. (Яна вақт ўтиши билан) хамр сиркага айланиб, пок бўлади».

Шу билан бирга, кармин моддаси ҳақида Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа Кенгаши ўзининг 19-сонли фатвосида қуйидагича қарор қилган:

«Кармин E120 моддаси гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади».

Фатво марказига кўра, шу ўлароқ юқоридагилардан кармин (E120) моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз. Лекин ушбу фатволар уламолар томонидан эълон қилинган бўлса-да, ҳозирда айрим аҳли илмлардан мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этганлари ҳам бор.

«Уламолар рухсат бериб қўйган тарафни олиб, баъзи бир одамлар кармин моддаси қўшилган маҳсулотни истеъмол қилса, тақво ва эҳтиёт йўлини тутганлар уларни маломат қилмасликлари керак. Валлоҳу аълам», дея якунланади муносабат.

Эслатиб ўтамиз, блогер Ҳожиакбар Носиров ижтимоий тармоққа жойлаган ушбу видеоролиги туфайли 15 суткага қамалганди.


Тошкентда илк бор Туркий тилли давлатларнинг «Қардошлик санъати» форуми бўлиб ўтади

Тошкентда илк бор Туркий тилли давлатларнинг «Қардошлик санъати» форуми бўлиб ўтади

23:02 | 29.09.23 431
XV Тошкент халқаро кинофестивали янги миллий филмлар тақдимоти билан бошланди

XV Тошкент халқаро кинофестивали янги миллий филмлар тақдимоти билан бошланди

22:17 | 29.09.23 268
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди

21:49 | 29.09.23 200
UNWTO бош котиби барчани Ўзбекистонга саёҳат қилишга чақирди

UNWTO бош котиби барчани Ўзбекистонга саёҳат қилишга чақирди

20:21 | 29.09.23 295
Энергетика тизимини бозор иқтисодиётига ўтказишнинг ижобий жиҳатлари ҳақида маълумот берилди

Энергетика тизимини бозор иқтисодиётига ўтказишнинг ижобий жиҳатлари ҳақида маълумот берилди

19:54 | 29.09.23 270
Ўзбекистонда бир неча кунлик тушишдан сўнг доллар курси яна кўтарилди

Ўзбекистонда бир неча кунлик тушишдан сўнг доллар курси яна кўтарилди

17:30 | 29.09.23 649