«Ўзбекистонда озиқ-овқат нархлари пасаймоқда» — ИССВ
Президент фармони билан божхона божидан озод қилинган 36 турдаги импорт товарларнинг 24 тури бўйича улгуржи нархларда пасайиш кузатилган
Халқаро бизнес марказида 2023 йилнинг 8 апрел куни қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, йирик импортёрлар, улгуржи ва чакана савдо тармоқлари эгалари, ўзбекистонлик таниқли тадбиркорлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабарига кўра, вазир ўринбосари Бадриддин Абидов йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Ўзбекистон Президентининг нархлар мувозанатини таъминлаш ва бозорларни арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш бўйича қабул қилинган фармонининг долзарблиги ва аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.

Қайд этилишича, Президентнинг ушбу ташаббуси ҳар йили 15–20 фоиз даражасида давом этаётган глобал озиқ-овқат инфляциясига нисбатан пухта ўйланган, самарали жавоб чорасидир. Хусусан, ўсимлик ёғи, сут ва гўшт нархлари сўнгги 30 йил ичида, дон маҳсулотлари ва шакарнинг эса сўнгги 10 йил ичида рекорд даражада ўсиши кузатилган.
Таҳлилларга кўра, нол ставкалар жорий этилгандан кейинги дастлабки 10 кун давомида (яъни 2023 йил 4 апрел ҳолатига) божхона имтиёзлари асосида импорт қилинган 36 турдаги товарларнинг 24 тури бўйича улгуржи нархларнинг пасайиши кузатилди. Айниқса хурмо — 16 фоиз, олма, беҳи ва нок — 42 фоиз, консерваланган балиқлар — 50 фоиз, минерал сувлар — 40 фоиз, оқ шоколад ёки таркибида какао бўлмаган конфетлар — 24 фоизга арзонлашди. Мутахассисларнинг тахминларига кўра, нархларнинг пасайиши чакана савдода ҳам кузатилади.

Шунингдек, Президент фармонида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар маълум қилинди. Хусусан, ички бозордаги нархлар ўзгариши динамикасини мониторинг қилиш ва уларни барқарорлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилгани қайд этилди.
Маълумот учун, Президентнинг 2023 йил 23 мартдаги «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 36 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишга 2024 йилгача (яна 2 таси — 2023 йил 1 сентябргача) божхона божининг нол ставкасини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.