«Ташаббусли бюджет»да ғолиб бўлмаган 1300 дан ортиқ лойиҳалар учун қўшимча 1,3 трлн сўм маблағ ажратилади
Бунда қўшимча 1182 та маҳалла бўйича 4,3 млн нафар фуқаро овоз берган лойиҳалар амалиётга татбиқ этилади
Президент топшириғига биноан, «Ташаббусли бюджет» жараёнларининг 2023 йил 1-мавсумида иштирок этиб, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 1309 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча 1,3 триллион сўм маблағ ажратилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, бунда қўшимча 1182 та маҳалла бўйича 4,3 миллион нафар фуқаро овоз берган лойиҳалар амалиётга татбиқ этилади.
Шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт муассасаларини таъмирлаш ва моддий техника базасини ривожлантириш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича ҳар бири 1,5 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган лойиҳалар таҳлили ўтказилиб, 2024 йил учун бюджет сўровида уларни таъмирлаш, жиҳозлаш ва харид қилиш харажатларини рўйхатга киритиш кўзда тутилади.
Натижада республикадаги 164 та мактаб, 30 та боғча ва 32 та тиббиёт муассасасида таъмирлаш, жиҳозлаш ва бошқа лойиҳаларда белгиланган ишларни амалга ошириш учун 304,6 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилади.