16:45 | 11.04.23 252

Бухорода эшакнинг ўлимига сабабчи бўлган эркак қамалди

У томорқа ерига зарар етказгани баҳонасида жониворнинг икки қулоғини кесиб ташлаганди

Бухоро вилояти Пешку туманида фуқаро қўшнисига тегишли эшакнинг қулоқларини кесиб ташлаши оқибатида жонивор нобуд бўлгани ҳақида хабар берилганди. Олий суд мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 2023 йил 11 апрел куни жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судида У.А. (1985 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган, ишсиз)га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарни 15 сутка маъмурий қамоққа олиш белгиланган.

Фото: Видеодан кадр

«Биринчи инстанция судининг қарордан норози томонлар белгиланган тартибда Бухоро вилоят судига апелляция шикояти, прокурор эса протест келтириши мумкин», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 6 апрел куни соат 16:00 да Бухоро вилоятининг Пешку туманида яшовчи фуқаро қўшнисига тегишли эшакни томорқа ерига зарар етказгани баҳонасида унинг икки қулоғини кесган, орадан вақт ўтиб, жонивор кўп қон йўқотиши оқибати ўлган.

Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси 2-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани бўйича тўпланган ҳужжатлар маъмурий тартибда чора кўриш учун Жиноят ишлари бўйича Пешку тумани судига юборилганди.