18:34 | 11.04.23 2160

«Ёшларга бугунданоқ шароит қилиб бермасак, Янги Ўзбекистонни қандай барпо қиламиз?» — Шавкат Мирзиёев

Президент ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинишини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Барча раҳбарлар бир нарсани билиб олсин: эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшлар билан ишлаш — биз учун ҳаёт-мамот масаласи! Биз ёшларга бугунданоқ шароит қилиб бермасак, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича инқилобий ташаббусларни илгари сурмасак, Янги Ўзбекистонни қандай барпо қиламиз?» — деди давлат раҳбари сўзининг аввалида.

Йиғилишда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши таъкидланди.

14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилди. Эндиликда улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишланиши таъкидланди.

Бунда:

  • яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёшлар «яхши» тоифага;
  • турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш «ўрта» тоифага киритилди;
  • давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёшлар «аҳволи оғир» тоифасига алоҳида ажратиб олинди.

Давлат раҳбари учинчи тоифага батафсил тўхталди:

116 минг нафар ёшларнинг ногиронлиги бўлса, 30 мингтасида сурункали касалликлар борлиги, 32 минг нафар ёшлар профилактика, 16 минг нафари пробация назоратида, 9 минг нафари мунтазам дарс қолдиришини маълум қилди.

Ҳар бир вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олийгоҳ ректорлари, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига учинчи тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёшлар номма-ном бириктирилиши белгиланди.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар асосий эътиборини “ўрта” тоифага кирган 4,6 миллион ёшлар билан ишлашга қаратиши лозимлиги таъкидланди.