Денгиз, қум ва қуёш уйғунлиги — Турк Ривиераси ҳақида
Bugun.uz мовий байроқли 229 та соҳил, 16 та кўл ва афсонавий ер усти бойликлари бўлган Анталия ҳақида ҳикоя қилади
Халқ орасида Турк Ривиераси номи билан танилган — Туркиянинг Ўрта Ер денгизи қирғоғи — табиат, тарих ва маданиятнинг мукаммал уйғунлиги билан ҳар йили миллионлаб маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда. Анталия ўзининг бетакрор табиати, илиқ қуёши ва феруза рангли денгизи билан бутун дунёга машҳур. Аммо у фақатгина булардан иборат эмас. Турк Ривиерасида сув остига шўнғиш, йирик голф майдонлари, треккинг маршрутлари ҳамда ўзининг миллий ошхона лаззатларидан баҳраманд бўлишдан тортиб, антик даврга оид кўплаб тарихий обидаларни ҳам кўриш мумкин.
Мовий байроқли 229 та соҳил ва афсонавий ер усти бойликлари— Анталия ҳақида
Ўрта Ер денгизи қирғоғи ҳақида гап кетганда ақлга келган биринчи жой бу Туркия Ривиерасининг марказида жойлашган Анталиядир. Шаҳар ўзининг тозалиги жиҳатидан мовий байроқли деб топилган 229 та соҳили ва афсонавий тарихий диққатга сазовор ер усти бойликлари билан дунёга машҳур. Мовий осмон остида сайёҳлар Караин, Дим ва Дамлаташ ғорларини кўриши мумкин. Анталия вилояти чегараларида дунёдаги энг ҳаяжонли треккинг (пиёда юриш) йўллари, жумладан, Ликия, Писидия ва Авлиё Пол йўллари мавжуд. Анталиядаги «Каш» маҳалласи дунёдаги энг яхши 10 шўнғиш нуқталаридан бири ҳисобланади. Парапланда учиш ва бир нечта сув спортлари минтақада бажарилиши керак бўлган асосий тадбирлардан биридир. Белек эса бир вақтнинг ўзида жаҳон даражасидаги голф майдонлари билан эътирофга сазовор.
Кўл бўйи, атиргул ва лаванта боғларига саёҳат
Анталия Ўрта Ер денгизи ҳавзасидаги кўплаб табиий мўъжизалари билан танилган Афёнкараҳисар, Анталия, Бурдур, Испарта ва Кония вилоятлари чегаралари ичидаги ҳудудни ўз ичига олган — Акшеҳир, Бурдур, Бейшеҳир, Эирдир, Ковада ва Салда каби 16 та кўлга эга бўлган минтақадир. Турк халқининг асосий атиргул ва лаванда етиштириладиган ҳудуди Испарта туманида жойлашган бўлиб, у Ўрта Ер денгизининг табиий гўзаллигидан баҳраманд бўлишни истаганлар учун турли имкониятларни тақдим этади. Торос тоғларининг нариги томонидаги бинафша рангдаги лавандалар бутун дунёга машхур.
Ўрта Ер денгизи ошхонаси марвариди ҳақида…
Ўрта Ер денгизи ошхонаси Туркиянинг энг бой ва хилма-хил таомлари билан барча нозиктаъб овқат шинавандаларининг ҳам эътиборини тортади. Органик зайтун мойи билан тайёрланган сабзавотли ва гўштли таомлар зираворлар билан биргаликда ўзгача ҳис уйғотиши билан бир қаторда, балиқ ва денгиз маҳсулотлари ҳам алоҳида завқ бағишлайди.