14:33 | 14.04.23 785

Андижон ҳокими билан боғлиқ видео бўйича прокуратура органларига шикоят аризаси юборилган

Ушбу маълумотларни тарқатганларни аниқлаш ва уларга нисбатан чора кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли дея тахмин қилинаётган интим видео тарқалганди. Мазкур ҳолат бўйича Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда Андижон вилояти ҳокимини обрўсизлантиришга қаратилган турли мазмундаги хабарлар тарқатилиб, ахборот хуружи амалга оширилганди.

«Интернет тармоғида Шуҳрат Абдураҳмонов акс этганлиги иддао қилинган видео тарқалиши ортидан, ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифаларда вилоят ҳокимининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда обрўсизлантирувчи ҳақоратомуз постлар эълон қилинган.

Шу сабабли инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситилишига олиб келувчи маълумотлар тарқатганлик ҳолати бўйича прокуратура органларига белгиланган тартибда шикоят аризаси юборилди», дейилади хабарда.

Ҳокимликка кўра, ҳозирда қонунга хилоф бундай маълумотлар тарқатган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонун доирасида чора кўриш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Конституциянинг 13-моддасига кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.