23:29 | 14.04.23 1512

ДХХ кубоги—2023: янги мавсум ва жамоалар ҳақида

14 апрелда мусобақанинг Тошкент шаҳар босқичига бағишланган брифинг бўлиб ўтди

Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида 14 апрел куни «Ёшлар ўртасида мини футбол ва футбол спорт турлари бўйича Давлат хавфсизлиги хизмати кубоги»нинг Тошкент шаҳар босқичига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда унда иштирок этган Bugun.uz мухбири хабар қилди.

Фото: Bugun.uz

Брифингда ДХХ Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси, ҳокимлик тизимидаги қатор бошқарма мутасаддилар, туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси вакиллари ҳамда ўзбек футболи тарихидаги энг зўр ўйинчилардан бири бўлган Миржалол Қосимов ҳам иштирок этди.

Фото: Bugun.uz

Унда иштирок этган Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси бошлиғи ДХХ кубогининг Тошкент шаҳар босқичи икки босқичда ўтказилиши ҳамда биринчи босқич апрел-май ойларида пойтахт маҳаллалари ўртасида ўтказилиши ҳақида маълум қилди.

«Ҳозирда пойтахт туманларида мусобақаларга тайёргарлик жараёнлари қизғин тус олган. Иккинчи босқич шаҳар миқиёсида ўтказилади ва туман босқичида ғолибликни қўлга киритган жамоалар ўртасида июн-июл ойларида ташкиллаштирилади. Бугунги кунда маҳаллаларда 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат мини футбол бўйича 585 та, футбол бўйича 585 та ва қизлардан ташкил топган мини футбол бўйича 48 та жамоа шакллантирилган ҳамда ушбу мусобақаларда иштирок этиши режалаштирилган» — деди у.

Фото: Bugun.uz

Шунингдек, брифингда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси вакили иштирокчиларга мусобақанинг Тошкент шаҳар босқичини ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган низом талаблари тўғрисида маълумот бериб ўтади.