Ўзбекистонда сут йиғиш марказлари ташкил этилади
Бу Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат тармоқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда мутасаддилар мазкур тармоқларда жорий йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берган.

Хусусан, Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан ҳудудларда сут йиғиш марказлари ташкил этилади. Уларга камида 100 та аҳоли хонадони бириктирилиб, кооператив тизим йўлга қўйилади.
Шунингдек, кластерлар томонидан 64 та чорвачилик комплекси барпо этилади. Жаҳон банкининг маблағлари жалб қилиниб, чорва молларини идентификация қилиш тадбирлари бошланади.
Паррандачидлик хўжаликларига озиқа ва айланма маблағлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 35 миллион доллар йўналтирилади. Мазкур кредитлар самарадорлигини «Паррандасаноат» уюшмаси кузатиб боради. Наслли жўжалар импортини қўллаб-қувватлаш учун субсиядия миқдори оширилади.
Булар натижасида парранда гўшти етиштириш ҳажмини йилига 800 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.