Навоийда оҳак пишириш цехларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди
Табиат ресурслари вазирлигининг вилоят бошқармаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ ҳудуддаги оҳак пишириш цехларининг фаолиятини ўрганди
Табиат ресурслари вазирлиги Навоийда ноқонуний фаолият олиб бораётган бир нечта оҳак пишириш цехлари фаолияти тўхтатилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, вазирликнинг вилоят бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, Кармана туманидаги «Янги ариқ» МФЙ ҳудудида фаолият юритаётган оҳак пишириш цехларининг фаолияти ўрганилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, атмосфера ҳавосига водород сулфиди, формалдегид, углерод оксиди, олтингугурт, қўш оксидлари каби заҳарли моддалар меъёридан ортиқ чиқарилаётгани аниқланди.
Шунингдек, ҳудудлардаги оҳак ишлаб чиқариш цехлари хатловдан ўтказилганда Кармана тумани «Деҳқон» МФЙда яшовчи фуқаро Б.А. ва Қизилтепа туманида яшовчи фуқаро Т.К.га қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехи ҳам ноқонуний тарзда фаолият юритиб келаётганлиги маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий иш қўзғатилди. Шунингдек, цех фаолияти кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар вақтинча тўхтатилди.
Бундан ташқари, Кармана тумани ҳудудида фаолият юритаётган оҳак ишлаб чиқариш цехлари — «Шахбоз Навоий», «Голд Чекен Фарм», «Ҳамид Акром Келажаги Сервис», «Имрон Кармана Навоий» МЧЖга ҳамда фуқаролар Д.Б, Б.А, Т.Ф, К.Т.га тегишли тартибда чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилди.
Шу билан бирга, Навбаҳор тумани табиат ресурслари инспекцияси томонидан «Қоражон» МФЙ ҳудудида фуқаро С.Ш. ноқонуний равишда оҳак пишириш цехи ишлатаётгани аниқланди. Ушбу ҳолат бўйича фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима белгиланди. Оҳак пишириш цехи эса жойида бузиб ташланди.