16:11 | 23.04.23 2163

Сурхондарёда бир гуруҳ аёллар бошқа бир аёлни «самосуд» қилди — видео

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Сурхондарё вилоятида бир гуруҳ аёллар қарзини бермагани учун бошқа бир аёлни калтаклаб, қош ва сочларини қириб, кийимларини йиртиб ташлагани тасвирланган видео тарқалди. Вилоят прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатди.


Маълум қилинишича, Денов тумани «Янги ҳазарбоғ» махалласида яшовчи Г.Р.(аёл) таниши «Боғинав» МФЙда яшовчи Н.Х.(аёл) ва «Ўрикзор» МФЙда яшовчи З.Ю.(эркак) билан бир гурух бўлиб, ўзига илгаридан таниш бўлган Сариосиё тумани «Теракзор» МФЙда яшовчи фуқаро С.Д. (аёл)ни З.Ю.нинг бошқарувидаги Nexia’да Денов тумани «Боғишамол» МФЙ худудига олиб келиб, гўёки 1 миллион сўм қарзи борлигини важ қилиб, С.Д.ни уриб-дўппослаган. Шунингдек, ўзи билан олиб келган қайчида сочларини кесиб, устара билан эса қошларини қириб, эгнида бўлган кийимларини ечиб, ўзларининг ушбу ҳаракатларини видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан 23 апрел куни Денов тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Г.Р. ва Н.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2-қисми «б,в,г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.

«Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан назоратга олинган», дейилади хабарда.

Аввалроқ ҳам шунга ўхшаш ҳолат — Тошкентда икки нафар ўқувчи қиз бошқа бир қизни «самосуд» қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сурхондарёдаги 31-мактабнинг директор хонасида ўтказилган йиғилишда 34 ёшли эркак (ўқитувчи) икки нафар аёл ўқитувчи билан жанжаллашиб, уларни калтаклагани ҳақида маълум қилинди.

Аввалроқ бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Самарқандда фарзандини калтаклаган аёл иши юзасидан муносабат билдириб, аёлни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклифини берганди. Сентябр охирларида жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди биносида икки ёшли фарзандини калтаклаган аёлга ҳукм ўқилганди.