Тошкентда мактаб ўқувчиси 3-қаватдан тушиб кетди
Қизга дарҳол тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб кетилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши
Бош прокуратура Тошкентда 16 ёшли қиз бинонинг 3-қаватидан тушиб кетгани айтилган хабар бўйича маълумот берди.
Унга кўра, мазкур ҳолат 2023 йилнинг 5 апрел куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманида содир бўлган бўлиб, 9-синф ўкувчиси Х.М. ижарада яшаб келаётган уйнинг 3-қаватида балкон ойнасини артаётган вақтида эҳтиётсизлиги оқибатида йиқилиб тан жароҳат олган.
Унга дарҳол тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб кетилган. Ҳозирда вояга етмаган Х.М.нинг аҳволи яхши.
«Мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Юнусобод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
«Миллар» дастурининг маълум қилишича, 16 ёшли қиз Тошкентда бошқа қизлар билан ижарада яшаб келган. Қиз яшаб келган уйда келиб чиққан жанжал сабаб ўзини 3-қаватдан ташлаб юборган.
Шифокорнинг айтишича, бемор олиб келинганда унинг умумий аҳволи оғир бўлган. Унга мия чайқалиши, қориннинг ёпиқ жароҳати ва ўнг болдир ва товон суякларининг синиши ташҳиси қўйилган.