15:56 | 27.04.23 608

Янги Конституция: давлат ишсизлик, камбағаллик муаммоларига масъул бўлади

Конституциянинг 43-моддасига янги нормалар киритилмоқда

Бутун дунё мамлакатлари, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки каби айрим халқаро ташкилотларнинг олдида турган энг муҳим муаммолардан бири бу ишсизликка қарши кураш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағаллик даражасини қисқартириш ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан сўнгги вақтларда мазкур муаммо ва унинг ечимига қаратилган саъй-ҳарактлар барча давлатларнинг асосий вазифаларидан бирига айланди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг эълон қилган «Глобал бандлик ва ижтимоий истиқболлар: 2023 йилдаги тенденциялар» ҳисоботига кўра, 2023 йилда ишсизлар сони таҳминан 3 миллион нафарга ошишиши прогноз қилинган. Ҳозирги кунда дунёда ишсизлар сони 205,2 миллион кишини ташкил этади. Ишсизликнинг кўпайиши оқибатида жиноятчилик, наркотик моддалар билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар, камбағал ҳамда қашшоқлар сонининг ортиб бориши кузатилади. Бу ҳолат эса ҳар бир мамлакатнинг миллий хавфсизлигига катта салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун илғор давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда ишсизликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, ишсизликка тушиб қолган фуқароларни давлат томонидан ҳимоя қилишнинг ишончли тизими яратилди ва самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, Тараққиёт стратегияси ва уни 2026 йилга қадар амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган дастурларда ишсизликка қарши кураш, хусусан, аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баробар камайтириш кўзда тутилган. Бу борада мамлакатда янги тизим — ҳоким ёрдамчилари институти ташкил этилди ҳамда маҳаллаларда 10 минг нафарга яқин ҳоким ёрдамчилари 2022 йилнинг бошидан ўз фаолиятларини бошлади. Ҳоким ёрдамчилари орқали аҳолини ижтимоий ёрдамга муҳтож тоифасига субсидиялар ажратиш, уларни иш билан таъминлаш, касбий тайёргарликка жалб қилиш ва бизнес юритиш кўникмалари орқали 2 миллиондан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди.

Яна бир энг муҳим бўлган ижтимоий муаммолардан бири  бу камбағаллик ва унга қарши кураш ҳисобланади. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда 1,2 миллиардга яқин аҳоли камбағаллик даражасига тушиб қолган.

Ўзбекистонда илк бор давлат раҳбари томонидан 2020 йил феврал ойида бўлиб ўтган парламентга мурожаатида мамлакат аҳолисининг таркибида камбағал қатлам мавжудлиги ҳамда бу кўрсаткич республика аҳолисининг 12–15 фоизини ташкил этишини (4,5–5 миллион нафар) таъкидлаб ўтди. 2020 йил бошида юз берган пандемия ва унинг салбий оқибатлари мамлакатда камбағаллик даражасининг янада ортишига олиб келди. Камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 2022 йилда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилди. 2026 йилгача бу кўрсаткични икки баробарга камайтириш масаласи мамлакатнинг устувор вазифаларидан бири сифатида эълон қилинди.

Мутахассислар таҳлилларига кўра, мамлакатда аҳолининг камбағаллик даражасига тушиб қолишининг асосий сабабларидан бири сифатида айрим фуқароларнинг меҳнат бозорида мавжуд рақобатга дош бера олмаслиги, иш ҳақига қониқмаслик, боқимандалик кайфиятининг мавжудлиги, турли урф-одат, удум, расм-русум, маросим ва анъаналар учун ортиқча сарф-харажатларнинг сарфланиши, таълим тизими сифатининг қониқарли эмаслиги ҳамда ҳудудларда тиббиёт сифатининг паст эканини эътироф этган. Чунки мамлакатда узоқ йиллар давомида камбағаллик билан боғлиқ муаммоларнинг очиқланмагани, давлат томонидан тан олинмагани жуда кўплаб салбий ижтимоий оқибатларни келтириб чиқарди.

Умуман олганда, илғор давлатлар тажрибасига кўра ишсизликнинг олдини олиш, ишсизликка қарши курашиш, аҳолини ишсизликдан муҳофаза қилиш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича қайси мамлакатда давлат асосий ташаббускор бўлса ва у ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланса, бундай давлатлар юқори натижаларга эришган. Шундан келиб чиқиб янгиланаётган Конституциянинг 43-моддасига «давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради», деган янги норманинг киритилиши бу, албатта, давлат томонидан ижтимоий давлат тамойилларини амалиётга тадбиқ этишнинг кафолати сифатида бемалол таъкидлаш мумкин.

Хулоса сифатида шуни айтмоқчиманки, амалдаги конституцияга давлат томонидан фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, уларнинг бандлигини таъминлашга оид норманинг киритилиши биринчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ҳамда ишсизликдан азият чекаётган шахсларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаши таъминласа, иккинчидан, ишсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал этилишига, янги иш ўринларини пайдо бўлишига ҳамда камбағал қатламнинг қисқартириш билан боғлиқ тизимни самарали ишлашининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамланишга замин яратилган бўлар эди.

Нодирбек Расулов,

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари,

иқтисодиёт фанлари доктори

Таҳририят фикри муаллифникидан фарқ қилиши мумкин


Тошкентда InfinBank ва Visa компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди

Тошкентда InfinBank ва Visa компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди

14:00 | 27.09.23 386
Кампиробод қадимдан тўлиқ Ўзбекистон тасарруфида бўлган — Садир Жапаров

Кампиробод қадимдан тўлиқ Ўзбекистон тасарруфида бўлган — Садир Жапаров

13:54 | 27.09.23 687
Жиззахда юк машинаси ЙПХ постида тиқилиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди

Жиззахда юк машинаси ЙПХ постида тиқилиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди

13:18 | 27.09.23 637
Ўзбекистонда 15 йилдан буён қидирувда бўлган шахс Қозоғистонда ушланди

Ўзбекистонда 15 йилдан буён қидирувда бўлган шахс Қозоғистонда ушланди

12:42 | 27.09.23 482
Ўзбекистонда энди тиббиёт талабаларидан имтиҳонни робот-симуляторлар олади

Ўзбекистонда энди тиббиёт талабаларидан имтиҳонни робот-симуляторлар олади

12:06 | 27.09.23 345
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги ўзбекистонлик аёлларни огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги ўзбекистонлик аёлларни огоҳлантирди

11:30 | 27.09.23 674