11:00 | 05.05.23 499

Марказий банк P2P ўтказмаларини Солиқ қўмитаси назорат қилишига мутлақо қарши — Мамаризо Нурмуродов

«Бу бўйича Марказий банк позицияси ОАВларда янграётган фикрлардан кўра қатъийроқ», — дейди у.

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Бошқарув йиғилиши қарори юзасидан 4 май куни ўказилган матбуот анжуманида иштирок этган Bugun.uz мухбири хабар беришича, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов P2P ўтказмаларининг Солиқ қўмитаси назоратида бўлишига кескин муносабат билдирган.

Мамаризо Нурмуродовга кўра, P2P орқали Солиқ қўмитаси жисмоний шахсларнинг ўтказмаларини кузатиши, жамлаши ва сақлашига Марказий банк мутлақо қарши.

«Р2Р ўтказмалари бўйича банк сирига оид маълумотларнинг солиқ органлари назоратига ўтиши бўйича Марказий банк Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўзининг салбий қарашларини етказган. Бу бўйича Марказий банк позицияси ОАВларда янграётган фикрлардан кўра қатъийроқ», — деган у.

Аввалроқ 2023 йилнинг 10 февралида барча P2P ўтказмалардан солиқ органлари хабардор бўлиб туриши кўзда тутилган президент фармони имзолангани ҳақида хабар берилганди. Фармонга кўра, солиқ қўмитаси 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар ўртасидаги картадан картага барча пул ўтказмаларини кузатиб бориш имконига эга бўлиши мумкин эди. Аммо ушбу фармон янги таҳрирдаги Конституцияни ҳам, «Банк сири тўғрисида»ги ва «Тўлов тизими тўғрисида»ги қонун меъёрларини ҳам тўғридан тўғри бузиши, унинг матни эълон қилингандан кейин кенг эса жамоатчилик ва иқтисодчилар томонидан кескин танқид қилинганди. Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу амалиётдан мақсад нимадалиги ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган.