13:41 | 08.05.23 273

Президент Ўзбекистонда муддатидан аввал президент сайловли бўлишини эълон қилди

Шавкат Мирзиёев президентликка номзодлар Ўзбекистон тинчлиги ва унинг равнақига, халқ фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишига ишонч билдирган

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини маълум қилгани ҳақида хабар бермоқда.  Асадовга кўра, бу тўғрисидаги фармонни Шавкат Мирзиёев янги таҳрирдаги Конституциянинг 128-моддасида мамлакат президентига берилган ваколатдан фойдаланиб имзолаган. Унга мувофиқ, Ўзбекистонда муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилади.

«Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечаяпман? Чунки, ўзингиз кўриб турибсиз, асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Прездент янгиланган Конституция президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўйганлигини таъкидлади.

«Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда. Тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда. Асосий қонунимизда халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи, деб бежиз ёзилмаган. Шу нуқтаи назардан, янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз, яна бир бор айтаман, фақат халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ. Ўйлайманки, бугунги мавжуд шароитда бу энг тўғри ва адолатли қарор бўлади», — деди президент.

Шунингдек, сайловлар қонунга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши қайд этилган. Бунда сиёсий партиялар, Президентликка номзодлар Ўзбекистон тинчлиги ва унинг равнақига, халқ фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишига ишонч билдирган.