Тошкент вилояти ИИББ нашида тарқатгани учун 3 йилга қамалгани йигит иши бўйича муносабат билдирди
Вилоят ИИББ йигит диний материаллар мазмунини тўлиқ англаган ҳолда тарқатганини маълум қилган
Олий суд Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси, 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовга Telegram’да диний мазмундаги нашида тарқатгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлагани жамоатчилик фаоллари томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлди. Тошкент вилояти ИИББ ҳолатга муносабат билдириб, Жаҳонгир Улуғмуродов диний материаллар мазмунини тўлиқ англаган ҳолда тарқатганини маълум қилган.

Қайд қилинишича, Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган Жаҳонгир Улуғмуродов тармоқларда тақиқланган диний материалларни тарқатиб келиш билан шуғулланаётганлиги ҳақидаги маълумот Тошкент вилояти ИИББ томонидан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлимига 2022 йилнинг октябрь ойида келиб тушган. Тезкор-қидирув тадбирлар давомида Жаҳонгир Сурияда фаолият олиб бораётган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушиб, ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлай бошлагани аниқланган.
Ҳолат юзасидан шу йилнинг 20 февраль куни Жаҳонгирга нисбатан Жиноят кодексининг 244 (1)-моддаси учинчи қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жаҳонгир террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида интернет орқали «жиҳод» ва «шаҳидликка чорлов» маърузаларини танишлари орасида тарқатиш билан шуғулланган. Тарқатилган материаллар орасида «Шахид бўлиб кетсак рози бўлингиз» номли нашида ҳам бўлиб, унда ўзбек тилида «мужоҳид бўлиш насиб қилгани, карвондан қолмасдан уларга эргашиш кераклиги, шаҳид бўлиб кетиш орзулари экани, Аллоҳ берган жонни Аллоҳга сотишлари, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишлари, тоғутларга қарши курашиш ва мужоҳид бўлиб уларга эргашиш керак экани» мазмунидаги чорлов сўзлари келтирилган.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосасига кўра, ушбу нашидалар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
Ушбу жиноят учун қонунчиликда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлсада, жорий йилнинг 8 май куни Тошкент вилояти Оққурғон туман суди томонидан Жаҳонгирнинг шахси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, унинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини инобатга олган ҳолда, ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда, белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ бўлган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, — дейилади хабарда.
Шунингдек, хабарда келтирилишича, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунининг 5-моддасига кўра, мамлакатда виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликларидан бири сифатида жамоат тартибига, фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш белгилаб қўйилган.
Таъкидлаш лозимки, Жаҳонгир шаҳид бўлишга (жанг майдонларида худкушлик содир қилиш, ўзини ўзи ўлдириш) даъват этувчи ўзбек тилидаги «Шахид бўлиб кетсак рози бўлингиз» номли диний қўшиқ ва бошқа бир қатор диний материаллар мазмунини тўлиқ англаган ҳолда ушбу ғояларни танишларига ҳам етказиш мақсадида Telegram орқали тарқатган, — дейилади хабарда.
Тошкент вилояти ИИББ бундай ҳарақат Ўзбекистон ҳудудида жамоат хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳоланиб, тергов идоралари томонидан айбланувчининг ҳаракатлари тўғри малакаланганини алоҳида қайд қилган.