Самарқандда кўриш қобилияти паст мактаб ўқувчиси автобус уриб кетиши оқибатида вафот этди
Унинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи қўлга олинган
Самарқанд шаҳрида 13 май куни «Нурли маскан» мактабининг 19 ёшли ўқувчисини Isuzu автобуси уриб кетган. Шифокорлар кўрсатган тиббий ёрдамларга қарамасдан, автоҳалокатдан 2 кун ўтиб бола шифохонада вафот этди.
Кўриш билан боғлиқ муаммоси бўлган ўқувчи «Рудакий» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи «Беруний-Гагарин» йўналишидаги автомобиль йўлидан ўтаётган бўлган. Шу вақтда Isuzu автобуси ҳайдовчиси уни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган. Оқибатда тан жароҳати олган пиёда шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан, 15 май куни шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёни бошланган. Ҳайдовчи айбдор деб топилса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.