18:09 | 21.05.23 3619

Миллий гвардиянинг айрим ваколатлари Ички ишлар бошқармалари ҳуқуқи билан тенглаштирилди

Эндиликда Миллий гвардия ходимлари планшет орқали баённома расмийлаштириши мумкин бўлади

Президентининг тегишли фармонига мувофиқ Миллий гвардия зиммасига майда безорилик, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жамоат жойларида алкогол маҳсулотларини истеъмол қилиш каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва уларни кўриб чиқиш учун судга юбориш бўйича қўшимча ваколатлар юклатилди.

Фото: АОКА

2019 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга асосан Миллий гвардияга 6 та модда (61, 185 банд 1, 194 банд, 1 банд, 195 банд, 196 банд) бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар (майда ўғирлик, пиротехника воситаларининг ноқонуний айланиши, ходимларнинг талабларига риоя қилмаслик ва уларга қаршилик кўрсатиш) тўғрисида баённомалар тузиш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27 сон қарори  билан Миллий гвардия зиммасига оммавий тадбирлар вақтида, шунингдек, боғлар, ҳиёбонлар ҳамда бозорларда жамоат хавфсизлиги ва тартибини сақлаш вазифаси ҳам юклатилган эди.

Фото: АОКА

Белгиланган вазифаларни бажаришда кўп ҳолларда жамоат тартибини бузган шахсларга чора кўриш зарурати пайдо бўлди. Ўша пайтда Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари баённома тузиш ҳуқуқига эга бўлмаганлиги сабабли ҳуқуқбузар ва бошқа шахсларга чора кўриш учун Ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Бу эса ортиқча қоғозбозликка олиб келган ва фуқароларга бироз ноқулайлик туғдирган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек, Президентимизнинг фармони билан тасдиқланган 2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлиги тизимини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»нинг 1-бандини бажариш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

2023 йилнинг 12 май кунидан Миллий гвардияга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг яна 16 та моддаси (183, 184-2 , 184-3, 185, 185, 185, 3, 186, 187, 188, 188-1, 188-2, 188-3, 189, 189-1, 191, 192) бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ваколати берилди.

Фото: АОКА

Айни пайтда фуқароларни Ички ишлар бўлимига ёки маҳалла фуқаролар йиғинига олиб бориш заруратини минималлаштириш мақсадида жамоат хавфсизлиги ва тартибини сақлашга жалб этилган Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари планшетлар билан таъминланди. Энди ҳарбий хизматчилар томонидан жойнинг ўзида шахсни аниқлаш ва электрон шаклда баённома тузиш тартиби амалга оширилади ҳамда мазкур баённома судга ёки Миллий гвардия мансабдор шахсларига юборилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича кўрсатилган моддаларга кўра, Ички ишлар бошқармаси ва Миллий гвардия органлари ишларни кўриб чиқишда тенг ҳуқуқлидир.