Давлат гранти асосида таълим олган талабаларнинг 3 йил ишлаш мажбурияти бекор қилинмади
Президент қарори бекор қилинган, аммо «Низом» ўз кучини йўқотмаган
Давлат гранти асосида таълим олган талабаларнинг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилингани тўғрисида тармоқларда асоссиз хабарлар тарқалганди. Ҳолат юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Президентнинг 2005 йил 2 июндаги қарори 6 бандида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тўғрисидаги» низомни ишлаб чиқиш юклатилган.
Мазкур топшириққа мувофиқ 2005 йил 7 июлдаги 58, 154-1, 19 ва 02/2658 сонли қарор билан «Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида» низом тасдиқланган. Унда олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида таҳсил олиб тамомлаган битирувчиларнинг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти белгиланган.
Давлат раҳбарининг 2022 йил 15 июндаги 279-сон қарори 3 иловасига мувофиқ Президентнинг айрим қарорлари, жумладан, 2005 йил 2 июндаги 92 сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди. Аммо мазкур қарор ижросига кўра ишлаб чиқилиб, тасдиқланган «Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги» низом ўз кучини йўқотмаган.
Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг 46-моддаси биринчи қисмига кўра «Илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан зарур ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ҳамда илгари қабул қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар янги ҳуқуқий нормаларга зид бўлса ёхуд янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тўлалигича қамраб олинган ёки амалда ўз ҳуқуқий аҳамиятини йўқотган бўлса, лекин расман ўз кучини йўқотган деб топилмаган бўлса, ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим, — дейилади вазирлик расмий баёнотида.
Lex.uz сайтида қарорнинг электрон нусхаси билан танишиш мумкин.