19:54 | 25.05.23 3307

Вагнер аскарлари Бахмутни 1 июлгача тарк этиши айтилди

Эгалланган обектлар рус армияси назоратига ўтади

Вагнер бош қўмондони гуруҳ Бахмут шаҳридан чекинишни бошлаганини маълум қилди. Аскарлар 1 июлгача барча эгалланган обектларни рус армиясига топшириши айтилди.

The Guardian

Бу ҳақда Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Евгений Пригожин вайрон бўлган шаҳарга ташрифи чоғида маълум қилди. Танк экипажлари ва қўмондонларга тез орада янги буйруқ олишлари ва орқага чекинишлари билдирилди.

Биз ўз позицияларимизни, ўқ-дориларимизни, ҳамма нарсани, шу жумладан қуруқ овқатни ҳам қўшниларга топширамиз. Агар жуда оғир бўлса, уларга икки нафар аскар ҳам қолдиришимиз мумкин, — деди Пригожин.

BBC

Украина мудофаа вазири ўринбосари Россия Бахмут чеккасидаги Вагнер бўлинмаларини оддий қўшинлар билан алмаштира бошлаганини, аммо Вагнер жангчилари шаҳар ичида қолганини айтди.

Яқинда Россия қарийб 250 кун давом этган жанглардан сўнг шаҳарни ниҳоят эгаллаб олганини даъво қилганди. Аксарият таҳлилчилар Украинадан рус армияси қийинчилик билан эгаллаган ҳудудларга қарши ҳужумга ўтишини кутишяпти. Бу рус армияси уруш давомида эришган ютуқларга таҳдид солиши мумкин.

Пригожин Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва юқори мартабали амалдорларни снаряд ва бошқа зарур ўқ-дорилар билан таъминламаганликда айблаганди. Унинг айтишича, Вагнер Бахмут учун жангда 20 000 дан ортиқ аскарини йўқотган. Ёлланма гуруҳга Россия қамоқхоналаридан ёлланган минглаб маҳкумлар киради.

BBC

Қарши ҳужум вазиятнинг сезиларли ўзгаришини англатмайди. Бу маълум бир куннинг маълум бир соатида қизил лентани тантанали равишда кесиш билан бошланадиган тадбир эмас, — деб ёзган  Украина президенти маслаҳатчиси Михайло Подоляк.

Украина тарафига ўтган рус қуролли кучлари ҳам шу ҳафта бошида трансчегаравий рейдни бошлаб, Белгород вилоятида уруш ҳаракатларини бошлашган. Улар Россия ҳудудида тартибсиз жанглар ўтказишди ва Украина қуролли кучлари билан ҳеч қандай алоқада эмасликларини билдиришган.

Украина расмийси Reuters’га берган интервюсида Киевнинг Кремлга уюштирилган дрон ҳужумига алоқаси йўқлигини таъкидлаган. Видеода бир нечта учувчисиз учиш аппаратлари Кремл деворлари устидан учиб ўтгани, бир вақтнинг ўзида портлагани ва бинонинг гумбазига зарар етказганини кўриш мумкин.

Sky News

The New York Times газетасининг ёзишича, АҚШ жосуслик агентликлари ҳужумни Украина тарафи уюштирган деб баҳолайди. Москва ҳам ҳужумда Украинани айблаган.