Ўзбекистон ЮНЕСКО билан экологик таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Азиз Абдуҳакимов ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхона раҳбари Сара Ношади билан учрашди
Тошкентда табиат ресурслар вазири Азиз Абдуҳакимов ЮНЕСКО ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади билан учрашди. Унда Табиат ресурслари вазирлиги ҳамда ЮНЕСКО ўртасидаги экологик таълим, табиий меросни бошқариш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида «яшил» иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш, рақамлаштириш тизими, экологик таълим ва маданиятни жорий этиш, ходимлар ва мутахассилар салоҳиятини ошириш ҳамда бу борада хорижий тажрибани қўллаш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг атроф-муҳит ҳолати ва табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисида миллий маърузасини ишлаб чиқиш, миллий экологик ва табиий мерос рўйхатларини тузиш масаласи муҳим эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Бундан ташқари, Оролбўйи минтақасида Орол маданий мерос боғи инновацион лойиҳасини тузиш, маданий мерос обектларига ташриф буюрувчилар марказларини ташкил этиш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича стратегик аҳамиятга эга дастурларни ишлаб чиқиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳаво, сув ва экологик таълим масалаларида олиб борилаётган изчил ишлар икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштиришда муҳим ҳаракатланувчи механизм эканлиги айтиб ўтилди.
Учрашув якунида жорий йилнинг октабр ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвентсия (CMS COP-14) иштирокчиларининг 14-конференсиясини биргаликда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.