Тошкентда террорчилик ташкилотининг бир гуруҳ яширин аъзолари қўлга олинди
Улар аҳоли орасида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ташкилотининг ғояларини тарғиб қилганликда гумонланмоқда
Тошкентда 20 май куни «Тавҳид ва жиҳод катибаси» номли террорчилик ташкилотининг 8 нафар яширин аъзолари ушланди.
«Тавҳид ва жиҳод катибаси» — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан террористик ташкилот деб топилиб, мамлакатимиз ҳудудида унинг фаолияти тақиқланган.
Улар Тошкент шаҳри ҳудудида жамоавий йиғинлар ўтказиб, келгусида Сурия давлати ҳудудида фаолият юритаётган террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилишни режалаштириб, террорчилик ташкилоти етакчилари билан интернет тармоғи ва турли ижтимоий мессенжерлар орқали алоқа ўрнатиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва ташкилот сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкет шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.