16 ёшга тўлган битирувчи ID карта (паспорт) олмаса, ОТМга ҳужжат топшира олмайди
Абитуриентлар онлайн ариза топшириши учун керакли ҳужжатлар айтилди
Абитуриентлар олий таълим муассасаларига кириш имтихонига тегишли ҳужжатларни онлайн топшириши учун битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотлари Abitur электрон дастурига киритиш талаб этилади. Ҳужжатсиз ОТМга кириш учун электрон ариза топшириб бўлмайди. Бу ҳақда Таълим назорати ахборот хизмати маълум қилди.
ОТМга ҳужжат топширишда ID карта (паспорт) ва аттестат керак бўлади. Фақатгина шу ҳужжатлардаги маълумотларни базага киритиш етарли, — дейилади хабарда.
Аввалроқ Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги мактабларни тамомлаётган 390 мингдан ортиқ ўқувчининг 16 ёшга тўлган 23 минг нафари (6%) паспорт (ID карта) олмаганлиги сабабли уларнинг маълумотлари электрон базага ҳозирча киритилмаганини, тезроқ ID карта олиш зарурлигини эслатганди.
Маълумот учун, паспорт (ID карта) олиш учун ҳудудий ички ишлар органларининг Мигратсия ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари ва Давлат хизматлари марказига мурожаат этиш зарур.