Паркентдаги ЙТҲда ҳеч ким вафот этмаган
Тармоқларда тарқалган хабарлар асоссиз деб топилди
Тармоқларда Паркент туманида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси акс этган тасвирлар ва хабарлар тарқади. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати расмий баёнот берди.

Жорий йилнинг 27 май куни соат тахминан 07:20 ларда Паркент тумани ҳудудидан ўтган Қизилтог-Паркент-Янгибозор автомобил йўлининг 66 километрида 1994 йилда туғилган ҳайдовчи К.М ўз бошқарувида бўлган «ВАЗ-2106» русумли транспорт воситасида Паркент-Янгибозор йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида, ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб, чапга бурилиш мумкин бўлган жойдан бурилиб олаётган 1984 йилда туғилган ҳайдовчи Р.Д бошқарувидаги «Спарк» русумли транспорт воситаси билан тўқнашув содир қилган. Тўқнашувдан сўнг «ВАЗ-2106» автоулови ағдарилиб кетган.

Ушбу йўл транспорт ҳодисаси натижасида «ВАЗ-2106» русумли автомобилда бўлган 1989 ва 2000 йилларда туғилган икки нафар йўловчиларга Юқоричирчиқ туман Тиббиёт бирлашмасида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, ҳодиса оқибатида йўловчиларнинг вафот этгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланмади. Бошқарма эса бу хабарларни ёлғон эканлидини таъкидлади.