Фуқароларни Мексика орқали АҚШга юбориш билан шуғулланган шахс қўлга олинди
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда
Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари томонидан Самарқанд шаҳар «Али Қушчи» кўчасида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида фуқароларни Мексика орқали АҚШга юбориш билан шуғулланган шахс мижоздан 10 минг доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Аввалига ушбу ҳолат юзасидан 22 ёшли фуқаро вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс фирибгарлик йўли билан ноқонуний тарзда АҚШга жўнатиш ишлари билан шуғулланиб келаётганини маълум қилган. У фуқаролардан Европа давлатлари орқали Мексикага, у ердан эса АҚШ ҳудудига олиб ўтиш учун 30 минг АҚШ доллари, ҳужжатларни расмийлаштириш учун эса олдиндан 10 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.