12:06 | 30.05.23 2696

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ходимларига 300 миллион сўм тарқатади

Маблағлар қўшимча манбалар ҳисобидан қопланиши айтилди

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги 300 миллион сўмни ходимларига устама тариқасида тарқатишини маълум қилди. E-qaror.uz’га жойлаштирилган ҳокимлик қарорида маблағлар қўшимча манбалардан қопланиши айтилган.

Мазкур қарор лойиҳасининг ҳужжати 16-26 май кунлари муҳокамага киритилган, бироқ, ҳоким ташаббусидан олдин ортиб қолган маблағ қандай сарфланиши тўғрисида таклифлар келиб тушмаган. Қарор лойиҳаси regulation.gov.uz портали орқали 10 кун давомида, яъни 16 майдан 26 майгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Аммо сўровномада ҳеч ким иштирок этмагани сабаб, таклифлар келиб тушмаган. Шу сабаб, Туман ҳокими қарорининг 1-бандига кўра, маблағлар қуйидагича тақсимланган.

Туман ҳокимининг қарорига кўра, халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгаши котибияти, туман ҳокими девони, шунингдек, давлат бошқаруви ҳудудий органлари ходимларининг фаолиятини баҳолаш натижасига кўра, 2023 йил апрел ойи учун ҳодимларнинг маошларига 200 фоиз устама маблағлар ажратилсин.

Қарорнинг 3 бандида келтирилишича, маблағлар Мирзо Улуғбек тумани маҳаллий бюджетининг 2023 йил қўшимча манбаларидан қопланиши айтилган.

Ушбу қарорда кўрсатиб ўтилган ҳаражатлар учун туман маҳаллий бюджетининг 2023 йил қўшимча манбалари ҳисобидан маблағлар тақсимлаш юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинсин.

Эътиборлиси, туман депутатлари сўровнома халққа ошкор қилинмагани, унинг муддатини узайтириш ҳақида бирон-бир фикр билдирмаган.