Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг «яширин» фирмаси борлиги маълум бўлди
Вазирнинг бизнесга эга бўлиши қонун ҳужжатларига зид ҳисобланади
Ижтимоий тармоқларда Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков «Коба санъат мажмуаси» МЧЖ таъсисчиси эканлиги ҳақидаги хабар кенг муҳокама қилинмоқда. Омма эътиборини тортган жиҳат шуки Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги «Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган мансабдор шахслар рўйхати тўғрисида»ги қарорига асосан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.
Кўплаб муҳокамалардан сўнг, Коррупцияга қарши кураш агентлиги бу ҳолатни ўрганиб чиқди. Ўрганиш давомида Озодбек Назарбеков ҳақиқатан ҳам 2016 йил 16 мартда рўйхатдан ўтган «Коба санъат мажмуаси» МЧЖнинг 100 фоиз улушига эга асосчиси эканлиги аниқланди.
Аммо давлат хизматчисининг тадбиркорлик фаолиятига эга бўлиши қуйидаги қонун ҳужжатлари талабларига зид ҳисобланади:
- Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси;
- Ўзбекистон Республикасининг «Давлат хизмати тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддаси;
- Ҳукуматнинг 2022 йил 14 октабрдаги 595-сонли «Давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори.
Қайд этилишича, бугунги кунда юқоридаги қонун ҳужжатларига номувофиқликлар бартараф этилиб, «Коба санъат мажмуаси» МЧЖ таъсисчиси ўзгартирилган.
Шунингдек, юқоридагилардан келиб чиқиб, Маданият ва туризм вазирлигига «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тамойилларига амал қилиш, коррупциянинг олдини олиш бўйича тақдимнома киритилган.
Агентликнинг қўшимча қилишича, давлат хизматчилари иш вақтидан ташқари тадбиркорлик ва бошқа ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланмасликлари шарт, қонунлар ва президент қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Маълумот учун, «Коба санъат мажмуаси» фаолият тури умумий овқатланиш бўлиб, компаниянинг устав капитали 404 800 000,00 миллион сўмни ташкил қилади.