СМТИ раҳбари Римда «Ўзбекистон ва Италия: ҳамкорликнинг янги қирралари» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди
СМТИ раҳбари Италия Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли шериги сифатида мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлади
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) раҳбари Элдор Aрипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 29 май Рим шаҳрида «Ўзбекистон ва Италия: ҳамкорликнинг янги қирралари» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди.

Тадбир Италия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида фаолият юритувчи мамлакатнинг етакчи таҳлилий ва тадқиқот тузилмаларидан бири бўлган Италия халқаро ташкилотлар жамияти билан ҳамкорликда ўтказилган. Унда турли давлат идоралари, етакчи компаниялари, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳамда маҳаллий ОАВлар иштирок этган.
Сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Италия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Давра суҳбатида сўзга чиққан Элдор Aрипов мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида Италия Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли шериги сифатида мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиб келаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, СМИТ раҳбарининг қайд этишича, амалга оширилаётган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ва Конституциянинг янгиланган таҳриридан келиб чиқадиган вазифалар Ўзбекистон—Италия муносабатларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун янги истиқболларни очмоқда.
Италиянинг Тошкентдаги элчиси Aгостино Пиннанинг сўзларига кўра, 2017 йилдан Ўзбекистонда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги конституциявий ислоҳот бозор иқтисодиёти учун янада мустаҳкам пойдевор яратди: тадбиркорлик фаолиятининг асосий эркинликлари ва кафолатлари мустаҳкамланмоқда, хусусий мулк ҳимояси кучайтирилди.
Aгостино Пиннанинг сўзларига кўра, Италия—Ўзбекистон муносабатлари айнан шундай жадал ва изчил ривожланаётган парадигмада гуллаб-яшнамоқда. Шундай қилиб, 2022 йил якунига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 32 фоизга ўсиб, 535,4 миллион еврога етди ва бу Италияни Ўзбекистоннинг Европадаги учинчи йирик савдо ҳамкорига айлантирди. Италия бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши ўзаро характерга эга бўлиб, давомли ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Кейинги йилларда республикада Италия капитали иштирокида кончилик, металлургия, нефть-кимё ва электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби янги соҳаларни қамраб олган корхоналар сони икки баробарга ошди. Натижада, сўнгги тўрт йил ичида ўзлаштирилган Италия инвестициялари ҳажми етти баравар кўпайиб, 7,1 миллион доллардан 49,6 миллион долларга етди.
Италия халқаро ташкилотлар жамияти президенти Рикардо Сесса «Ўзбекистон ва Италия кўп асрлик дўстлар» эканини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, икки давлатни узоқ йиллик тарихий ва цивилизацион алоқалар боғлаб туради. Замонавий Ўзбекистон Римнинг Марказий Осиё сиёсатида муҳим ўрин эгаллайди. Мустаҳкам ички барқарорлик ҳамда Тошкентнинг ўзаро манфаатли минтақавий сиёсати Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорга айлантирмоқда.

Давра суҳбати якунида томонлар ўзаро экспертлар мулоқотини янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Италиянинг таҳлилий институтлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувга эришди. Бундан ташқари, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Италия халқаро ташкилотлар жамияти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳужжатда икки давлатнинг таҳлилий марказлари ўртасида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан форумлар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш орқали ҳамкорлик ва мунтазам ишчи алоқаларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.