Ўзбекистонда кўз тўр пардасини кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти жорий этилиши мумкин
«Илгари бу борада гап кетганда умуман иложи йўқ дер эдик», — дейди Азамат Юсупов
Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида халқаро миқёсда симпозиум бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Буюк Британия, Швейцария ва Ўзбекистоннинг профессор олимлари ўзларининг илмий маърузалари билан иштирок этди.
Симпозиумда британиялик профессор Линдон Да Круз регенератив тиббиёт хусусида маъруза ўқиди. Олим 20 йилдан буён кўз тўр пардаси кўчириб ўтказиш амалиёти билан шуғилланишини таъкидлади. Кўзнинг тўр пардасини муваффақиятли кўчириб ўтказиш бўйича бу вақт мобайнида қандай текширув ва тадқиқотлар ўтказилгани ҳақида маълумот берди.
Илгари бу борада гап кетганда «умуман иложи йўқ», дер эдик. Кўп йиллик илмий изланишлар натижасида бунинг имкони борлиги исботланди. Эндиликда ушбу лабораторияларнинг қандай ташкил этилгани, уларни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш бўйича ўрганиш олиб боришни режа қилдик. Агар бу амалиёт мамлакатимизда ҳам қўллана бошланса, тўр парда билан боғлиқ касалликлар туфайли кўриш қобилиятидан маҳрум бўлган беморлар дунёни яна ўз кўзлари билан қайта кўра олади, — дейди марказ директори Азамат Юсупов.
Шунингдек, симпозиумда офтальмология соҳасида телетиббиёт, сунъий интеллект ва робот-офтальмологиянинг кўз касалликларини даволашдаги ютуқлари ҳақида ҳам муҳим маърузалар тингланди.