Контракт тўлаш муддати 10 июнгача узайтирилди
Қулайлик 1 курс талабалари учун белгиланган
Давлат ОТМ ларида таҳсил олаётган талабалар учун яна бир хушхабар маълум қилинди. Эндиликда талабалар тўланмаган контракт маблағларини 10 июнга қадар тўлашлари мумкин бўлади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бу ҳақда маълум қилди.

Давлат комиссияси тегишли баёни билан абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ҳамда олий таълим муассасалари ректорларининг мурожаатларини инобатга олган ҳолда айрим тоифадаги талабалар ўқиши учун тўлов ҳақини ўтказиш ҳамда талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштиришнинг сўнгги муддати 2023 йилнинг 10 июн (шу куни ҳам) этиб белгиланди.
Бу муддат бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таҳсил олаётган қуйидаги талабаларга тааллуқли:
- тўлов-контракт жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган (1 курслар);
- ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган);
- қайта тикланган талабалар.
Шунингдек, коллеж ва техникумларга ўқувчиликка тавсия этилган абитуриентлар (1 босқич ўқувчилари) учун ҳам муддат 10 июнга қадар узайтирилди (2023 йил 15 мартдан кейин контрактини тўлаганларнинг тўлови ҳам инобатга олинади).
Маълумот ўрнида, юқори босқич (2 ва ундан юқори курс) талабалари учун контракт тўлаш муддатини узайтириш ОТМ ректор (директор)ларининг ваколатига берилган.