Самарқанддаги боғчада болалар овқати талаб даражасида эмаслиги аниқланди
Ошпаз ва муассаса раҳбари ишдан олинди
Жорий йилнинг 1 июн куни ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги боғчаларнинг бирида болаларга берилаётган овқат талаб даражасида эмаслиги билан боғлиқ тасвирлар тарқади. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси изоҳ берди.
Самарқанд вилояти Жомбой тумани Бешбола МФЙ ҳудудида жойлашган 25-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотидаги ҳолат бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган.
Мазкур ҳолат 2023 йил 30 май куни тушлик пайтида содир бўлган. Ўрганиш жараёнида ҳақиқатдан ҳам тушлик учун ажратилган таомномада кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотларидан тўлиқ фойдаланилмагани аниқланган. Ишчи гуруҳ аъзолари ҳолатни танқид қилиб, жараённи тасвирга олаётганида боғча ошпази тарбияланувчининг онасига нисбатан қўпол хатти-ҳаракатлар қилган. Шундан сўнг, ошпазнинг ҳаракатлари ноўрин деб топилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ҳозирда ташкилот директори билан тузилган меҳнат шартномасини ҳам бекор қилиш юзасидан ҳужжатлар тайёрланмоқда. Шунингдек, ташкилотнинг тегишли масъулларига интизомий жазо чораларини қўллаш бўйича ҳужжатлар ҳуқуқий марказга хулоса олиш учун тақдим этилган.