Сенат провайдерлар фойдасига «Давлат божи тўғрисида»ги қонунни ўзгартирди
Улардан БҲМнинг 25 минг баравари миқдорида бож ундирилади
Ўзбекистонда мавжуд уяли алоқа виртуал операторлари фаолияти ҳамда уларнинг қонун билан белгиланган ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлари Сенат томонидан қайтадан кўриб чиқилди. Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида «Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) фаолиятини кенгайтириш мақсадида улар томонидан радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатиши натижасида ундириладиган давлат божи миқдорлари камайтирилмоқда.
Соҳада фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 000 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилмоқда.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда республикада ўз телекоммуникация тармоғига эга 5 та мобил алоқа базавий оператори хизмат кўрсатиб келмоқда. Радиочастота ресурсига эга бўлмаган 1 та виртуал мобил алоқа оператори мавжуд.
Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонуннинг қабул қилиниши натижасида уяли алоқа виртуал операторлари фаолиятини кенгайтиришга ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун адолатли рақобат муҳити яратишга эришилади.