18:23 | 02.06.23 3085

Star Med клиникасининг лицензияси бекор қилинди

Бу ҳақда Улуғбек Шодибеков ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди

Instagram’даги Mittivine юмористик лойиҳаси асосчиларидан бири Улуғбек Шодибеков (mitti.me) ўзининг Instagram саҳифасида Star Med клиникасининг лицензияси бекор қилингани ҳақида суд қарори чиққанини маълум қилди. Клиника Фарҳод Манноповнинг ўлимига сабаб бўлган эди.

Хабарга кўра, ССВ Star Med клиникасининг лицензиясини бекор қилишни сўраб судга мурожаат қилган. Бугун, 2 июн кундаги очиқ суд мажлисининг якуний қарори эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси номидан ҳал қилув қарори хулоса қисми. Жавобгарнинг иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилсин. Ариза қаноатлантирилсин. ССВ томонидан Omad plus МЧЖга тиббий фаолиятини амалга ошириш учун 2021 йил 16 февралда берилган лицензия бекор қилинсин. Мазкур ҳал қилув қарори юзасидан 10 кунлик муддатда апелляция тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Аввалроқ, Star Med клиникаси фаолиятини ўрганиш мақсадида ССВ томонидан ўтказилган текширувлар якунига етгани ва аниқланган ҳолатлар вазирлик мутахассислари томонидан ҳужжатлаштирилиб, иш судга оширилгани эълон қилинган эди.

15 май куни Зангиота туманлараро иқтисодий судида мазкур иш юзасидан суд жараёни бошланган. Тўрт маротаба ўтказилган суднинг якуний қарори бугун, 2 июн кунги суд жараёнида эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, блогер Фарҳод Маннопов 2023 йил 5 мартга ўтар кечаси 27 ёшида Star Med клиникасида вафот этганди. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 116-моддаси билан иш очилган ҳамда у операция қилинган Star Med клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилганди.