Тошкентда йўл ўртасида пранк олган йигитлар ушланди
Тиктокерларга 3 сутка қамоқ жазоси тайинланди
Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг хабар беришича, Чилонзор туманидаги пиёдалар ўтиш жойида йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаётини хавф остига қўйиб, пранк олган йигитлар 3 суткага қамоққа олинган.
Ҳолат 31 май куни Чилонзор метро бекати олдидаги пиёдалар ўтиш жойида юз берган. Гўёки ўзини оёғи синган ҳолатда кўрсатган 19 ёшли йигит ва пранкни тасвирга олишга жалб қилинган 23 ёшли таниши йўл қатнов қисмида сунъий тирбандлик содир этган ҳамда йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаётини хавф остига қўйган.
Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан ушбу фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судига юборилган.
Бугун, 2 июн куни очиқ суд мажлисида иккала шахсга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.
Суд қарорига кўра, тиктокерлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, ушбу кодекснинг 32-моддаси (маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар) 4-қисми тартибида ҳар бирига 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.