Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди
Эндиликда аҳолига қатор комплекс хизматлар кўрсатилади
Президентнинг «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Ушбу ҳужжатлар билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида «маҳалла-туман-вилоят-республика» тамойилига асосланиб, давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яратиш ва аҳолининг заиф қатламларига ҳар томонлама муҳофазасини таъминлаш билан биргаликда қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсад қилинган.
Бунда, аҳолига қуйидагича комплекс хизмат кўрсатиш тизими жорий этилди:
1. Маҳалла даражасида туман (шаҳар) бўлимлари ходимларидан иборат «ижтимоий қўллаб-қувватлаш» гуруҳлари:
- эҳтиёжманд аҳоли «хонадонбай» аниқланади;
- аҳолидан ижтимоий хизматлар ва ёрдам учун буюртмалар қабул қилади (буюртмалар планшет орқали Ягона ижтимоий ҳимоя платформасига киритилади);
- барча оилалар мониторинг қилинади, шу жумладан етим болалар, оғир аҳволдаги оилалар, тазйиқли оилалар;
- барча эҳтиёжманд оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжлари ўрганилади ва ижтимоий паспортлари шакллантирилади;
- маҳалла раислари билан бирга ҳар бир маҳаллада ортиқча кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа ашёлар йиғиш тизими ташкил этилади;
- ҳар бир ижтимоий ёрдамнинг самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизими йўлга қўйилади.
2. Туман (шаҳар)ларда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилади ва улар томонидан:
- «ижтимоий ходим»лардан қабул қилинган буюртмалар бўйича ижтимоий хизмат кўрсатиш ташкил қилинади;
- тазйиққа учраганларга бошпана ва ҳуқуқий-руҳий ёрдам бериш ташкил қилинади;
- васийликка олинган болалар билан кейинчалик ишлаш тизими йўлга қўйилади;
- оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган аҳолига соғломлаштириш, психологик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ташкил қилинади;
- оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларга руҳий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш гуруҳлари ташкил этиб юборилади.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан бирга унинг ҳудудий бошқармалари ҳам ташкил этилади. Бунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги штат бирлиги 2023-2025 йилларда 8 та вазирлик ва идоранинг таркибидаги муассасалар ва ижтимоий ҳимоя бўйича вазифаларининг ўтиши ҳисобига 4 198 та этиб шаклланади.
Бугунги кунда давлат томонидан кафолатланган ижтимоий ҳимоя дастурлари 170 дан ортиқ хизматлар ва ёрдамларни қамраб олган бўлиб, ушбу хизматлар 6 та вазирлик томонидан бир-биридан тарқоқ тарзда фаолият олиб бормоқда.
Эндиликда бошқа давлат идораларининг ижтимоий ҳимоя йўналишидаги тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ишини назорат қилиш Агентликнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Агентлик таркибига қуйидаги ташкилотлар босқичма-босқич ўтказилади.
2023 йил 15 июндан бошлаб:
– Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
– Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари;
– Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;
– Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази;
– ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар учун «Мурувват» ва «Саховат» интернат-уйлари;
– Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати;
– кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар;
2024 йил 1 январдан бошлаб:
– болалар уйлари;
– болалар меҳрибонлик уйлари;
– вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари;
2024 йил 1 августдан бошлаб:
– алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар, кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари;
– имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари;
2025 йил 1 январдан бошлаб:
– муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари;
– Ижтимоий суғурта жамғармаси.
Агентликнинг яна бир асосий вазифаларидан бири оғир ижтимоий ҳолатга тушган ва тушиш хавфи бўлган аҳоли билан манзилли ишлашни ташкил қилиш ва аҳолининг 31 та тоифасига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этади.
Хусусан, кекса ёшдаги шахслар ва қариялар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ва ногиронлиги бўлган, зўравонликка учраган шахслар, кам таъминланган оилалар, ногирон фарзандлари бўлган оилаларга ва ота-онасининг бири ногирон бўлган болалар, васийликка олинган оилалар, етим ва чин етим болалар, алоҳида таълим-тарбияга муҳтож шахслар ижтимоий ёрдам ва хизматлар билан қамраб олинади.
Агентлик томонидан аҳолига қуйидаги асосий ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатилади:
– кам таъминланган оилаларга ҳамда меҳнатга лаёқатсиз аҳолига нафақалар ва моддий ёрдамлар бериш;
– кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда меҳнат фахрийлари учун санаторийлар ҳамда пансионатларда ижтимоий хизматларни ташкил этиш;
– аҳолини протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш;
– ногиронлиги бўлган шахсларни имтиёзли ҳамда бепул стационар даволанишини таъминлаш;
– ногиронлиги бўлган шахсларнинг якка тартибдаги реабилитация дастурларини ишлаб чиқиш;
– оғир ижтимоий оилалар билан ишлаш;
– руҳий-ижтимоий хизматларни кўрсатиш;
– тазйиқ ва вояга етмаган болаларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;
– етим ва чин етимлар билан манзилли ишлаш;
– эҳтиёжманд аҳоли қатламига тиббий, психологик ва бошқа хизматларини кўрсатиш.
Маълумот учун, сўнгги 4 йилда давлат ижтимоий дастурлари билан қамраб олинган аҳоли сони 5 бараварга (2018 йилда 456 минг оиладан 2022 йилда 2,1 млн оилагача) ортган бўлса, ижтимоий ёрдам тўловларининг манзиллилиги даражаси пасайши кузатилмоқда.
Эндиликда, агентликнинг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ташкил этилиб, унинг маблағлари асосан 55 та йўналишга, хусусан ижтимоий ва махсус таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш, протез-ортопедия ва реабилитация воситаларини харид қилиш, махсус ўқув, дидактик ва бошқа муқобил материалларни харид қилишга сарфланади.
Шунингдек, агентлик таркибида қуйидагилар ташкил этилди:
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда ижтимоий хизматлар ўз вақтида кўрсатилишини назорат қилувчи Ижтимоий инспекция;
- Ижтимоий ҳимоя тизими ходимлари малакасини ошириш маркази. Бунда, Агентликнинг барча ижтимоий ходимларини ЮНИСЕФнинг ўқув-методик дастурлари асосида малакаси оширилади;
- Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти.
2023 йил 1 октябрга қадар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими жорий қилинади ҳамда барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамлар ушбу дастурий таъминот орқали амалга оширилади.
Мазкур дастурий таъминот 23 та электрон базалари билан боғланиб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ягона маълумотлар базаси бўлиб фаолият кўрсатади.