Кредитга олинган чорва моллари ва жиҳозларни сотиб юборган МЧЖ раҳбарлари ушланди
Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган
«Микрокредитбанк» АТБ Косон филиалининг мурожаатига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Косон туман бўлими томонидан ўтказилган текширувда МЧЖ раҳбари банкдан ажратилган 400 000 доллар кредит эвазига хориждан келтирилган 201 бош наслдор чорва молларини бошқа шахсларга сотганлиги аниқланган.
Департаментнинг Улуғнор туман бўлими томонидан ўтказилган текширувда МЧЖ масъул шахслари ҳудудий тижорат банкидан ажратилган кредит маблағлари эвазига сотиб олинган 16 та инкубатор ва юк тарози жиҳозларининг 6 тасини 112 000 АҚШ долларига сотиб юборганликлари аниқланган.
Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда яна бир МЧЖ раҳбари ва бошқа масъуллар тикувчиликни ташкил этиш учун банкдан ажратилган 2 млрд сўм имтиёзли кредитни ўзи норасмий бошқариб келган МЧЖга ўтказиб, ушбу маблағларни талон-торож қилганликлари аниқланган.
Ушбу ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.