Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими ва 18 нафар шериги устидан суд ҳукми ўқилди
Уларга Жиноят кодексининг ўнга яқин моддалари бўйича айблов қўйилган
Аввалроқ, Термиз шаҳар ҳокимияти собиқ мансабдор шахслари томонидан давлат, жамият ҳамда тадбиркорларнинг манфаатларига 19,7 миллиард сўм зарар етказилгани маълум қилинган. Улар «Яшил дунё» савдо мажмуаси қурилиши давомида 14,8 миллиард сўмни ўзлаштирганликда ҳам гумонланган. Ҳолат юзасидан собиқ ҳоким ва бир қанча мутассаддилар ҳибсга олинган эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Азиз Обидовнинг хабар беришича, Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими ва унинг 18 нафар шериги устидан суд ҳукми ўқиб эшиттирилди. Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида бўлиб ўтган суд жараёни очиқ шаклда ўтказилди.
Судланувчилар Жиноят кодексининг 25,167, 168, 184, 28,205, 206, 28,209, 210 ва 229-4-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади.