21:42 | 06.06.23 3260

Қашқадарёда 13 ёшли қизни зўрлаган эркак 12 йилга қамалди

Қизни асраб олган 52 ёшли отаси зўрлаган

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 52 ёшли эркак меҳрибонлик уйидан асраб олган 13 ёшли қизни зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйгани ҳақида хабар тарқалди. Ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Бугун, 2023 йил 6 июн куни жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида судланувчи шахс (1971 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи туманидаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Бунга кўра судланувчи Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми «а» банди ва эски таҳрирдаги (2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган) 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбланиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир нечта жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) га асосан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддалари талабларига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига текканлик ҳамда ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгиллаштириш қўлланилмайди.