Бўстонлиқда «Бутунжаҳон атроф-муҳит куни»га бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Сана муносабати билан ўтказилган танлов ғолибларига 10 миллион сўмгача пул мукофотлари берилди
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида «5 июн — Бутунжаҳон атроф-муҳит куни» муносабати билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тадбир ташкил этилди.

Дастурни Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг биринчи ўринбосари Обид Қудратов очиб берди. У вазирнинг табригини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, табрикда республикада экология ва атроф-муҳит соҳасида амалга оширилган ва оширилаётган қатор ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар алоҳида эътироф этилди.


Вазирлик ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида Мустақилликнинг 32 йиллигига бағишлаб «Рангларда акс этган она табиат» мавзусида пленер эълон қилганди. Пленер доирасида академия Рассомлар уюшмасининг 56 нафар аъзоси 5–27-май кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ва Судоче кўли экотуризм масканида, Тошкент вилоятидаги Угом-Чотқол ва Жиззах вилоятидаги Зомин миллий табиат боғлари, Қашқадарё вилоятидаги «Ҳисор» давлат қўриқхонаси ҳамда Бухоро ихтисослаштирилган «Жайрон» питомнигида бўлиб, ҳудудларнинг бетакрор табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳақида қатор рангтасвир асарларини чизишди.

5 июн кунги тадбирда ана шу танлов ғолиблари аниқланиб, 1-ўринни эгаллаган 10 нафар иштирокчилар 10 миллион, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган 10 нафар рассомлар 5 ва 7 миллион миқдорида пул мукофоти билан тақдирландилар.
Шунингдек, тадбирда Бутунжаҳон атроф-муҳит кунига бағишланган концерт дастури ҳам бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Бўстонлиқда чиқинди йиғиш акцияси ташкил этилди. 300 дан ортиқ кўнгилли қатнашган акция давомида жами 3500 тоннадан ортиқ чиқинди йиғилди.
Бундан ташқари, З.М.Бобур номидаги Марказий экопаркда плоггинг ташкил қилинди. Унда иштирокчилар кун давомида 1000 км масофани босиб ўтишди ва 300 кгдан ортиқ пластмасса чиқиндиларини тўплашди. Мазкур чиқиндилардан плоггинг ҳамкор бўлган «Санфа» компанияси Қорақалпоғистонда ёввойи ҳайвонларни суғориш учун геомембран ишлаб чиқаради. Ушбу материалдан ёввойи ҳайвонларни тоза сув билан таъминлайдиган махсус сув омборлари қурилади. Бу сув омборлари 17 июн куни нишонланадиган Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни муносабати билан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Қорақалпоғистондаги қўриқхоналардан бирига ўрнатилади.