Фарғонада эр ўз хотинини бўғизлаб ўлдирди
Эр ва хотин муқаддам судлангани айтилди
Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро ўз хотинини бўғизлаб ўлдирган ҳамда ўз жонида қасд қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Bugun.uz га хабар берди.
Жорий йилнинг 10 июн куни соат 4:30 ларда Бешариқ туман ИИБ навбатчилик қисмига туманнинг Янгиҳаёт МФЙ, Саховат кўчасида яшовчи 2007 йилда туғилган, вояга етмаган Ш.Х. қўнғироқ қилган. У ўз яшаш хонадонида отаси У.А. ўзини осиб, ўз жонига қасд қилгани ва ўгай онаси Ш.А. жонсиз ҳолатда эканлиги ҳақида маълум қилган.
Аниқланишича, Бешариқ тумани, Янгиҳаёт МФЙ, Саховат кўчасида яшаган У.А. жазони ижро этиш муссасаларидан озод қилинганидан сўнг, жорий йилнинг феврал ойидан бошлаб, ўзи билан бирга қонуний никоҳан ўтмасдан яшаган Ш.А. билан ўзаро жанжаллашиб келган ва 9 июн куни соат 23:00 ларда улар ўртасида яна жанжаллашув содир бўлган. Суриштирув давомида аниқланишича, марҳума Ш.A. ҳам муқаддам судланиб қамалган ва муддатидан илгари озодликка чиқарилган.
Жанжал давомида У.А. фуқаро Ш.А.нинг юз ва танасининг бошқа соҳаларига қўл ва оёқлари билан уриб, бўғиб ўлдирган. Шундан сўнг, У.А. яшаш хонаси деворига ўрнатилган темир жисмга оқ матодан сиртмоқ ясаб, ўзини осиб жонига қасд қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 10 июн куни Бешариқ туман прокуратураси томонидан У.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.