Наманганда ер майдонини расмийлаштириб бериш учун пора олган шахс ушланди
У фуқародан 3000 АҚШ доллари талаб қилган
Наманган вилояти ИИБ тезкор-қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси, Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими ҳамда ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ходимлари билан ўтказилган ҳамкорликдаги тадбирда ер билан боғлиқ жиноят фош этилди.
Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқаро жорий йилнинг 3 июн куни Наманган вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган.
Унга кўра, 29 май санасида яшаш хонадонининг юқори қисмида жойлашган давлат захирасида турган 35 сотих нотекис адирлик ер майдонидан фойдаланиш мақсадида тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун Янгиқўрғон тумани қишлоқ хўжалиги бўлимига борган. У ерда мутахасис бўлиб ишловчи шахс билан учрашган ва ундан ер ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича маслаҳат сўраган. Ушбу шахс фуқарога ер майдонидан фойдаланиш учун туман ҳокимининг қарорини чиқартириб беришини айтиб, 3000 АҚШ доллари пул талаб қилган.
Мазкур аризага асосан ИИБ тезкор-қидирув хизмати, Жиноят қидирув бошқармаси, Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими, Ер ресурсларини талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмаси, ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида аризада номи келтирилган шахс фуқародан 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ушланди. Ҳозирда ҳолат юзасидан Янги Кўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ҳамда 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.