Информатика фани ўқитувчисини урган болага жиноят иши қўзғатилди
Ҳолат юзасидан генерал-майор Азиз Ташпулатов бошчилигида танқидий йиғилиш ўтказилди
Жорий йилнинг 12 июн куни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Учтепа туманидаги мактабларнинг бирида 10-синф ўқувчиси информатика фани ўқитувчисини ургани кескин муҳокама қилинди.
10 июн куни 62-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Саидхалил информатика фани ўқитувчиси Самандарни уриб, тан жароҳати етказгани хабар қилинган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган йиғилишда жабрланган ўқитувчи ҳамда вояга етмаган ҳуқуқбузар, уларнинг ота-онаси, маҳалла раиси ва фаоллари иштирокида ҳолат танқидий муҳокама қилинди. Муҳокама якунида вояга етмаган ҳуқуқбузар ва унинг ота-онаси барча устоз ва мураббийлардан узр сўраб, бу каби ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтиб ўтишди.
Йиғилиш давомида, 62-сонли мактаб директори Х.Махкамова, болаларнинг синф раҳбари ва ўқитувчиларнинг содир этилган ҳолат юзасидан фикр ва мулоҳазалари тингланиб, қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида масъул раҳбарларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Бу каби ноҳуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида, барча туман ИИО ФМБ бошлиқлари, ҳудудий халқ таълим бўлимлари ва тегишли мутасадди идора раҳбарлари билан ҳамкорликда, пойтахт ҳудудидаги 418 та мактабнинг ўқувчи ва ўқитувчилари ўртасида танқидий муҳокама йиғилишлари ўтказилиши режалаштирилди.
Жумладан, ўқитувчи ва устозларга қаратилган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат учун қонунда белгиланган энг оғир чора кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Барча туман ИИО ФМБ бошлиқлари, ҳудудий халқ таълим бўлимлари ва мактаб директорлари Тошкент шаҳри бўйича 2 278 нафар тарбияси оғир вояга етмаганларга масъул бириктириб, ҳар бири билан якка тартибда ёндашган ҳолда доимий назоратини олиб борилиши белгиланди.