Олийгоҳда ўқиётган хотин-қизлар учун контракт тўлови даромад солиғидан озод қилинади — Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловчилар билан илк учрашуви Қорақалпоғистондан бошланди. Номзод 12 июн куни Нукус шаҳрида бўлиб, сайловчилар билан учрашди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда номзод сайловчиларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирди. Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев фақат Ўзбекистон фарзанди эмас, Қорақалпоғистоннинг ҳам фарзанди экани ва мана шунга муносиб бўлиш учун ҳаракат қилишини айтди.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда 160 та янги боғча қурилиши ва таъмирланиши, 2 мингта хусусий боғча ташкил қилинишини айтиб ўтди.
Биз келгуси етти йилда қўшимча 100 минг янги ўқувчи ўрни яратамиз. Бунда, 30 та янги мактаб ва 150 та мактаб учун қўшимча бино қурилади, 350 таси таъмирланади. Ихтисослашган мактаблар сони эса, 2 карра оширилиб, 32 тага етказилади. Натижада, Қорақалпоғистондаги мактабларда 30-35 нафардан ортиқ бола ўқийдиган синфлар умуман бўлмайди. Биз 1-4- синф ўқувчиларига бепул овқат беришни Қорақалпоғистондан бошлаган эдик. Энди, олис ва чекка овуллардаги болажонларимизнинг мактабга бориши учун автобус қатновини ҳам, биринчи бўлиб шу заминдан бошлаймиз, — деб таъкидлади номзод.

Шунингдек, номзод янги ўқув йилидан бошлаб, олийгоҳда ўқиётган хотин-қизлар учун, ким тўлашидан қатъи назар, контракт тўлови даромад солиғидан озод қилинишини таъкидлади. Ҳозирда ушбу имтиёз фарзанди ва турмуш ўртоғи учун контракт тўлаганларга қўлланилар эди.
Умуман, биз Қорақалпоғистонда олий таълим қамровини келгуси йилнинг ўзида 50 фоизга етказамиз. Бунинг учун, чет элларда ўқиётган ёшларимизнинг ўқишини юртимиз олийгоҳларига давлат гранти асосида кўчириш амалиётини йўлга қўямиз, — деди номзод.


Қорақалпоғистонда агро-технологиялар ва муҳандислик йўналишларида етакчи хорижий олийгоҳларнинг филиаллари ҳамда Нукусда Рақамли технологиялар институти очилиши айтиб ўтилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда президент сайлови 9 июл куни бўлиб ўтади. Унда сайланган номзод етти йил давомида мамлакатни бошқаради.