Ўзбекистон ўз тарихида 144-мамлакат билан дипломатик муносабат ўрнатди
Тринидад ва Тобаго Республикаси билан «Қўшма коммюнике» имзоланди
Кеча, 15 июн куни Америка Қўшма Штатларининг Ню-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Тринидад ва Тобаго Республикаси ўртасида дипломатик муносабатларни ўрнатиш бўйича «Қўшма коммюнике» имзоланди.
Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов ҳамда Тринидад ва Тобагонинг БМТдаги доимий вакили Деннис Френсис имзоладилар.
Тринидад ва Тобаго ҳамда Ўзбекистон дунёга ва халқаро ҳамжамиятга дипломатик муносабатлар ўрнатиш қарорини расман эълон қилган кун келганидан мамнунман. Биз Тринидад ва Тобагода буни Марказий Осиё минтақасининг муҳим аъзоси бўлган Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг ибтидоси, деб биламиз, — деди Деннис Френсис коммюнике имзолангандан сўнг.
Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Кариб ҳавзаси мамлакатлари билан ҳамкорлигини фаоллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлгани айтилди.
Тринидад ва Тобаго Республикаси Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатган 144-мамлакат бўлди.