10:54 | 19.06.23 947

Сирдарёда фуқаро гиёҳванд модда сотаётганида қўлга олинди

Унда ноқонуний ўқотар қурол борлиги ҳам аниқланган

Сирдарё вилоятида фуқаро гиёҳванд модда сотаётганида қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар қилди.

Маълум қилинишича, Сирдарё вилояти ИИБ тезкор-қидирув хизмати ҳамда ДХХнинг вилоят бўйича бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Гулистон тумани Аҳиллик маҳалласида яшовчи Э.С. 2,55 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини икки миллион сўм пул эвазига сотаёган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Э.С.га нисбатан ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, фуқаро Э.С. билан олиб борилган тезкор-қидирув тадбири давомида, уни ноқонуний ўқотар қуроли борлиги ва ушбу қуролни Гулистон тумани Аҳиллик маҳалласида яшовчи У.Н.га сақлаш учун берганлиги аниқланган.

Тезкор маълумот асосида, У.Н. билан олиб борилган профилактик тушунтириш ишлари натижасида, У.Н.дан 1961 йилда ишлаб чиқарилган TOZ русумли 2 стволли бир дона қўндоғи қирқилган ов қуроли ва икки дона 16 калибрли патронлар ҳамда таҳминан 200 граммга яқин порохлар ҳолислар иштирокида ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.