Танзила Нарбаева Қозоғистон Президенти билан учрашди
Қосим-Жўмарт Тўқаев Парламентлараро дипломатия фаол ривожланаётганини таъкидлади
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Қoзоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашди.
Учрашувда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва давлатлараро муносабатлар ривожига қўшимча туртки бериш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Танзила Нарбаевага Остона шаҳрида бўлиб ўтган муҳим ташаббус – Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотида фаол иштирок этгани ва уни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Қозоғистон Президенти ушбу тадбирнинг илк мажлиси натижалари минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилишини айтди. Шунингдек, Президент Тўқаев тадбирнинг Марказий Осиёда гендер тенглиги ва барқарор тараққиётни таъминлашда узоқ муддатли ечимлар ишлаб чиқилишига имкон беришини таъкидлади.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг ташрифи икки томонлама ҳамкорликнинг ўзига хос хусусиятига яққол мисол бўлиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига тўлиқ мос келади, — дейди Қозоғистон раҳбари.

Ўтган йилнинг декабр ойида Ўзбекистонга қилинган давлат ташрифи натижалари юқори баҳоланди. Жорий йилнинг 3 март куни Чимкент шаҳрида норасмий учрашув ҳам бўлиб ўтган. Унда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Нафақат ҳукумат даражасида ўзаро мувофиқлаштирилган ишлар олиб борилаётгани, балки парламентлараро дипломатия ҳам фаол ривожланаётгани қувонарли ҳолат эканлиги айтилди. Шу боис, Президент Тўқаев келаси йили Самарқандда иккинчи Парламентлараро форум ўтказилишини мамнуният билан қабул қилди.

Ўз навбатида Танзила Нарбаева самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди.
Биз cизнинг раҳбарлигингизда Қозоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаймиз. Сизни Қозоғистонда бутун тизимни сиёсий модернизация қилиш имконини берган йирик тадбирларнинг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклайман. Қозоғистон илғор ислоҳотлар йўлидан ишонч билан бормоқда ва Қозоғистон халқи cиз тутган йўлни фаол қўллаб-қувватламоқда – деб таъкидлади Сенат Раиси.