Қашқадарёда мансабдор шахс иштирокида ЙТҲ содир бўлди
Прокуратура ходимига нисбатан хизмат текшуруви тайинланган
Жорий йилнинг 20 июн куни соат 16:10 лар атрофида Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод тумани «Қорашина» шаҳарчаси Термиз-Тошкент халқаро йўлида Департаментнинг Деҳқонобод туман бўлими бошлиғи Б.Ғ. иштирокида ЙТҲ қайд этилди.
Аниқланишича, Б.Ғ. ўзига бириктирилган Nexia-3 русумли хизмат автотранспорт воситасида ҳаракатланиб келаётган вақтида қарама-қарши йўналишдаги фуқаро Ш.Ф. бошқарувидаги Cobalt русумли автотранспорт воситаси билан тўқнашиб кетиб йўл-транспорт ҳодисасига учраган, шунингдек орқа томондан ҳаракатланиб келаётган фуқаро У.Ё. бошқарувидаги Spark русумли автотранспорт воситаси ҳам Б.Ғ. бошқарувидаги Nexia-3 автомашинасига келиб урилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли суд тиббиёт экспертизалари ҳамда департамент ходимига нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинди.
Экспертиза ҳамда хизмат текшируви натижасига кўра қўшимча ахборот берилиши айтилди.