Маст ҳайдовчи 3 нафар пиёдани уриб юборди
Пиёдалардан бири вафот этган, икки нафари эса шифохонада экани айтилди
Жорий йилнинг 19 июн куни соат тахминан 18:00 ларда, Тошкент вилояти Қибрай туманида маст ҳолатда бўлган ҳайдовчи 3 нафар пиёдани уриб юборди. Воқеа Қибрай тумани ҳудудидан ўтган «Тошкент-Қибрай-Май» автомобил йўлида содир бўлган.
Аниқланишича, ҳайдовчи, 1991 йилда туғилган С.Ж. «ВАЗ-2106» русумли автотранспорт воситасида рул бошқарувини йўқотиб, йўлнинг чап томонида кетаётган 3 нафар пиёдани уриб юборган.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 2009 йилда туғилган пиёда олган тан жароҳатлари натижасида вафот этгани айтилди.
Шунингдек, икки нафар пиёда турли хил тан жароҳатлари олиб, туман марказий шифохонасига ётқизилгани маълум қилинди.
Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилди.